Бош сахифа | Регистрация | Алока | Сайт харитаси
Паролни тиклаш
Синов баҳслари
...Андижон-Навбаҳор-2:2
Бунёдкор ўр.-Навбаҳор-1:1
,
Динамо-Навбаҳор-1:0,
Навбаҳор-Шахтёр(Қарағанда)-1:0,
Навбаҳор-Қизилқум-1:1...
Олий лига-2009
Жамоалар
Ў
О
1
Бунёдкор
29
83
2
Пахтакор
30
64
3
Насаф
30
55
4
Олмалиқ
30
48
5
Нефтчи
30
46
6
Локомотив
30
42
7
Андижон
30
39
8
Шўртан
30
39
9
Динамо
30
38
10
Хоразм
30
38
11
Қизилқум
30
35
12
Машъал
29
33
13
Металлург
30
31
14
Навбаҳор
30
28
15
Бухоро
30
24
16
Сўғдиёна
30
24



 
Хамкорларимиз

Навбатдаги учрашув

1-ТУР. 13 март
Навбаҳор-Машъал

Календар
< Март 2010 >
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31        
Сўровнома
Сизнингча "Навбаҳор"ни олдинги мавқеини тиклаш учун қандай чоралар кўриш керак?
 
Янгиликлар қатори
Жамоа тарихи


Жамоа тарихи
30.07.2008 13:04
«Навбаҳор»га асосий пойдевор қўйилиши 70-йилларга тўғри келади. Республика биринчиликларида ўртамиёна иштирок этаётган жамоага Валихон Зуннунов ва Зиё Абкелямовлар мураббий этиб тайинлангандан сўнг сезиларли равишда олдинга силжиш бўлди. Аммо унинг илк бор «ТЕКСТИЛЬШИК» номи билан 1978-1979 йилларда СССР чемпионати иккинчи табақасида иштироки омадсиз бўлди. 1980 йилда обкомнинг иккинчи котиби А.Г.Руденко, вилоят физкультура ва спорт қўмитасининг раиси Ҳ.Абдуҳалимов ҳамда жонкуяр спорт мутахассиси П.П.Котельниковлар бошчилигида жамоага янги «Навбаҳор» номи берилди.

Бу ўринда ҳомийлар—Наманган шойи ва костюмбоп матолар ишлаб чиқариш комбинати (бош директори Т.Жўраев), Наманган сув қурилиш трести (бошлиғи Т.Абдуллаев), вилоят автомобиль трести (бошлиғи А.Абдураимов) ва обкомнинг иккинчи котиби М.Расуловларни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиздир. Кейинги йилларда эса вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси (бошлиғи вилоят ҳокими муовини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати бўлган Ҳакимжон Ҳошимов) ҳомий сифатида мунтазам мадад бериб келган.

Мамлакатимиз Президенти И.Каримов ва ҳукуматимизнинг футболни ривожлантириш тўғрисидаги қарорларини амалга оширишга анча йил вилоят ҳокимлари, вилоят футбол федерациясининг раислари бўлган Бургутали Рапиғалиев ва Тўлқин Жабборовлар катта ҳисса қўшишди. Бинобарин, ҳокимлик, ҳомийлар ва кўп минг кишилик ишқибозларнинг қўллаб-қувватлаши натижасида «Навбаҳор» зафарли юришини бошлади. Унинг 1996 йилда Ўзбекистон чемпиони бўлгани, 1992, 1995 йилларда республика кубогини қўлга киритгани, 1993, 1994, 1995 йилларда эса мамлакат биринчилигида учинчи ўринни эгаллаб, бронза медалига эришгани фикримиз далилидир.

Шунингдек,1997 йилда севимли жамоамиз Ўзбекистон чемпионатида учинчи ўринни эгаллади, ўз тарихида биринчи марта Осиё Чемпионлар кубогининг нимчорак финалига йўлланма олди.

«Навбаҳор» босиб ўтган йўлга нафар ташласак, бундай қувончли воқеалар, ардоқли совринлар оз эмаслигига ишонч ҳосил қиламиз. Ахир, унинг собиқ Иттифоқ даврида ҳам чемпионат ўйинларида икки марта иккинчи ўринни олиб кумуш медални, икки марта учинчи ўринни эгаллаб бронза медалини қўлга киритганини, «Пахаткор-79» хотира турнирида эса беш бор ғолиб чиқиб, рекорд натижа кўрсатганини унутиб бўладими?!

Ёки 1991 йилда СССР кубогининг 1|16 финалида Қозоғистон республикасининг «МЕЛИОРАТОР» жамоасини 14:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб ҳаммани лол қолдиргани футбол тарихи зарварақларига мангу битилиб қолмаганми?!

Ана шу ғалабаларда жонкуярлик кўрсатган, жамоани жипслаштирган, нурли чўққиларга бошлаган кишилар ҳам борки, улар номини эҳтиром билан тилга оламиз.

 

«НАВБАҲОР»да фаолият кўрсатган МУРАББИЙЛАР

Валихон Валихонович Зуннунов

Ўзбекистон физкультура жамоалари ўртасида ўтказиладиган биринчиликда ўртамиёна қатнашиб юрилганда бош мураббий бўлиб келган. Бевосита унинг жонкуярлигида жамоа мусобақа жадвалининг юқори поғоналарига кўтарилган, СССР чемпионатининг иккинчи табақага чиқишига катта ҳисса қўшган.

 
Виктор Алексеевич Орлов

«Текстильшик» СССР чемпионатининг иккинчи табақасида илк бор қатнашганда бош мураббийликка тайинланиб, Наманган шаҳрида футболни оммалаштиришга бош-қош бўлган. Унинг раҳбарлигида маҳаллий йигитлардан маҳоратли ва умидли футболчилар етишиб чиққан.

 
Петр Иванович Больдирев

Бу номни нафақат Наманган, бутун Ўзбекистон, ҳатто собиқ Иттифоқда ҳам яхши билишади. Петр Иванович 1987 йилда клуб раиси Шокиржон Қорабоев билан бирга СССРда иккинчи, Ўрта Осиёда биринчи бўлиб «Навбаҳор» жамоаси ва клубини хўжалик ҳисобига ўтказган. Жамоанинг маҳаллий кадрлар ҳамда Россиянинг Ростов шаҳридан олиб келган ўйинчилар билан мустаҳкамлаб, пешқадамлар сафига олиб чиққан. Бундан ташқари, «Спартак» ўйингоҳини тартибга келтириш, марказий «Навбаҳор» ўйингоҳини ишга туширишда жонкуярлик кўрсатган.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, Петр Иванович Больдирев «Навбаҳор»да энг кўп ишлаган ягона бош мураббийдир. У жамоада бош мураббий, мураббий, клуб раиси ва маслаҳатчи мураббий бўлиб фаолият кўрсатган. Севимли жамоамизнинг биринчи табақадаги ўйинларини кўрин унга насиб этмади. Бемаҳал ўлим уни орамиздан олиб кетди. Бироқ, Наманган аҳли, минглаб футбол мухлислари Петр Иванович хотирасини ҳеч қачон унутмайдилар.

 
Павел Константинович Ким

«Навбаҳор» СССР чемпионатида қатнашган пайтида илк бор бош мураббийлик қилган. Павел Ким Наманганда туғилиб, вояга етиб, футбол ўйнаган. У жамоада ва клубда мана бир неча йиллардан бери (танаффуслар билан) бош мураббий, мураббий ва клуб раиси муовини бўлиб ишлаб келмоқда.

 
Геннадий Михайлович Неделькин

«Навбаҳор»да бир йил ишлаган бўлса ҳам жамоанинг шаклланиши, юқори савияда ўйин кўрсатишида ўзига хос из қолдирди. У «Навбаҳор»ни СССР чемпионатининг биринчи табақасига чиқиши учун пойдевор яратди. Наманганга келмасдан олдин Тюмень шаҳрининг «Геолог» жамоасини биринчи табақага олиб чиққанлиги ҳам Геннадий Михайловичнинг тажрибали мураббий эканлигидан далолат беради.

 
Валерий Павлович Гладилин

Москванинг «Спартак», Олма-Отанинг «Қайрат» жамоаларида ўйнаган. «Навбаҳор»да эса ҳам бош мураббий, ҳам ўйинчи бўлган. Валерий Павлович оз фурсат ишлаган бўлса ҳам командани тўғри оқимга солишда бутун куч-қуввати, ақл-идроки ва тажрибасини ишга солган.

 
Игорь Семёнович Волчок

У «Навбаҳор» иккинчи табақа шарқий минтақасида иккинчи ўринни эгаллаб биринчи табақага йўлланма олган, биринчи табақада эса илк маротаба қатнашиб катта ютуқларга эришган даврда мураббий бўлган. РСФСРда хизмат кўрсатган устоз Игорь Семёнович Волчок «Локомотив» (Москва), «Қайрат» (Олма-Ота), «Заря» (Луганск), «Спартак» (Нальчик), «Шахтёр» (Қарағанда), «Луч» (Владивосток), «Рубин» (Қозон), «Шинник» (Ярославль) каби командаларда ҳам ишлаб, эътибор топган. 1992 йилда жамоадан кетган бўлса ҳам Наманганни унутгани йўқ. Айни пайтда ҳам «Навбаҳор»га маҳоратли ўйинчи ва мураббийлар танлашда беғараз ёрдам бериб келяпти.

 
Эркин Абдураимов

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган устоз, спорт устаси, машҳур футболчи, тўпурар Эркин Абдураимов «Навбаҳор» жамоасида икки бор ишлаган. Аввал собиқ Иттифоқ тарқалгандан сўнг жамоани қабул қилиб олди. «Навбаҳор» унинг раҳбарлигида юқори натижалар кўрсатмаган бўлса ҳам Ўзбекистон кубоги ўйинларида яхши ўйинлари билан мухлис ва мутахассисларда илиқ таассуротлар қолдирди. Мустақил Ўзбекистон биллур совринини илк бор қўлга киритишда «Навбаҳор»га катта ёрдам берди. Бу машҳур футболчи устоз учун ҳам, Наманган учун ҳам жуда қадрлидир.

 
Бахтиёр Бобоев

Бахтиёр Бобоев «Навбаҳор»да аввал ўйнаб, кейин бош мураббийликка тайинланганда жамоа жуда оғир аҳволда эди. Ўшанда тўқсон фоиздан ортиқ ўйинчилар командани тарк этишган эди. Жамоани мавсумга тайёрлаш учун жуда тез фурсатда таркибни янгилаш ва шакллантириш зарур эди. Бахтиёр Бобоев вазифани уддалаб, «Навбаҳор»нинг ўз ўйинини топишига салмоқли ҳисса қўшди.

 
Усмон Асқаралиев

«Навбаҳор» жамоаси ўйинчилари орасида йигирма йил мобайнида қандай рекорд натижа бўлса, барчаси унга тегишли. Хусусан, жамоанинг тўпурари бўлган, энг кўп майдонга тушган. У СССР спорт устаси, 1980 йил Ўзбекистон чемпиони, 1993, 1994, 1995 йилларда мустақил Ўзбекистон чемпионати олий табақа бронза медали соҳибидир. 1992-1995 йилларда «Навбаҳор»нинг Ўзбекистон кубогини қўлга киритишида, 1991 йил СССР чемпионатининг биринчи табақасига чиқишида Усмон Асқаралиевнинг хизматлари таҳсинга сазовордир.

 
Виктор Васильевич Борисов

Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган мураббийлар орасида ном чиқарган Виктор Борисов «Навбаҳор»да кўп ишламаган бўлса ҳам яхши из қолдирди. У раҳбарлик қилганда жамоа республикада бронза медали соҳиби бўлган Виктор Васильевич ўта эҳтиёткор, талабчан ва тартиб-интизомга катта эътибор берувчи тажрибали мураббий.

 
Сергей Александрович Доценко

Собиқ пахтакорчи, Киевнинг «Динамо»сида СССР чемпиони бўлган Сергей Доценко «Навбаҳор»да бир мавсум ишлади, холос. Лекин жамоанинг ўйини қовушмай, билдирилган ишонч оқланмади. У бош мураббий бўлганда команда энг паст кўрсаткичларда қолиб кетди.

 
Шариф Назаров

СССРда хизмат кўрсатган устоз, тожикистонлик Шариф Назаров «Навбаҳор»га бош мураббий этиб тайинланганда нафақат наманганлик футбол мухлислари, балки бутун ўзбекистонлик футбол мутахассислари-ю, мутасаддилар ва ишқибозлар энди «Навбаҳор» мамлакат чемпиони бўлади, деб тахмин қилишганди. Афсуски, Шариф Назаров бу тахмин ва умидларни пучга чиқариб, беш ойгина ишлаб, биринчи даврадан кейин жамоани тарк этди. Бунинг боиси шуки, «Навбаҳор» ўқув машғулотларда, ўртоқлик учрашувларида аъло натижаларга эришди-ю чемпионат ўйинларида жадвалнинг қуйи қисмига тушиб қолди. Бунга ўйинчилар ўртасида интизомнинг ҳаддан ташқари бўшашиб кетгани сабаб бўлди.

 
Виктор Романович Жалилов

«Навбаҳор»га келгунча ҳеч қаерда бош мураббий бўлмаган Виктор Жалилов ҳозирги кунга қадар Наманганда ишлаган шундай касб соҳиблари орасида энг бахтли ва омадлисидир. Чунки унинг раҳбарлигида севимли командамиз аввал Ўзбекистон кубоги соҳиби, кейин эса Ўзбекистон чемпиони бўлди. Виктор Романович илгари ўзи бошқараётган жамоада тўп сурган, сўнгра асосан ёшлар билан ишлаган. Унинг шогирдлари ҳозирги пайтда мамлакатимизнинг олий ва биринчи табақа жамоаларида муваффақиятли тўп сурмоқда. «Навбаҳор» асосий таркибининг бир қисми ва ўринбосарлар таркибининг 60-70 фоизи Виктор Жалиловнинг қўлида тарбия топган йигитлардир.

 
Леонид Константинович Острушко

Украинада таваллуд топган бу мураббий Наманганга келгунча «Днепр» (Днепропетровск), «Қайрат» (Олма-Ота) жамоаларида ўйнаган. Кейинчалик йигирма йилга яқин «Қайрат»да тўп суриб, ўн беш йил мобайнида шу ерда бош мураббий, мураббий ёрдамчиси, жамоа бошлиғи бўлиб ишлаган. Бундан ташқари, Санкт-Петербург шаҳрининг «Смена-Сатурн», Москванинг «Орехова-Зуева» жамоаларига ҳам бош мураббийлик қилган.

 

Бинобарин, Раҳим Қурбонмамедов(Туркманистон), Сеид Сеидов(Туркманистон), Рустам Мирсодиқов, Эльдор Сакаев, Рустам Забиров, Толиб Бобоев, Аскар Кушикбаев  каби мутахассислар ҳам жамоада ўз изларини қолдиришга муяссар бўлишган.

 
ЖАМОА БОШЛИҚЛАРИ
Пётр Петрович Котельников

Наманган футболи ва «Навбаҳор» жамоаси тарихида унинг ўзига хос ўрни бор. Негаки, Пётр Петрович команданинг иккинчи табақада иштирок этишида жонкуярлик ва фидоийлик кўрсатган. «Навбаҳор» жамоасига шу номни топиб, унинг биринчи бор хорижга сафар қилишига ҳам бош-қош бўлган.

 
Анвар Сулейманов

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган устоз, наманганлик Анвар Сулейманов «Навбаҳор»да кўп ишлаган ва ёрқин из қолдирган кишилардан бири ҳисобланади. У жамоанинг ҳамма юмушларини, хусусан ташкилий масалаларини ўрнида ва тез ҳал қилиб, ғалабаларга муносиб улуш қўшган.

 
Александр Николаевич Солоницкий

«Навбаҳор»да аввал ўйинчи, кейин жамоа бошлиғи, мураббий, маъмур ва бошқа вазифаларни сидқидил бажарган. Александр Николаевич Наманган футбол федерациясининг масъул котиби бўлганда ҳам вилоятда мазкур ўйин турини оммалаштиришда жонкуярлик қилган.

 
Шокиржон Қорабоев

Наманган вилоятида футболни ривожлантириш, «Навбаҳор» жамоаси клубини ташкил этишга, командани биринчи бўлиб хўжалик ҳисобига ўтказишга камарбасталик қилган. Шокиржон Қорабоев илгари футболчи, кейинчалик «Навбаҳор»да жамоа бошлиғи, клуб раиси бўлган. Ҳозирги кунда вилоят Ҳокимининг жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси сифатида спортнинг бошқа турларини юксалтиришда ҳам фаоллик кўрсатяпти.

 
Зиё Абкелямов

Ўз ишининг устаси, «Навбаҳор»ни ва Наманган футболини ривожлантиришда ташкилотчилик кўрсатган инсон. Хусусан, «Навбаҳор»нинг СССР чемпионати иккинчи табақасига чиқишига бевосита кўмаклашган.

 
Николай Семёнович Любарцев

СССР спорт устаси, собиқ пахтакорчи Николай Любарцев «Навбаҳор»да кўп ишламаган бўлса ҳам жамоа ва ўйинчиларнинг оғирини енгил қилишда, етишмовчиликларни бартараф этишда вазифасини ҳалол уддалаган.

 
 
ДАРВОЗАБОНЛАР
Анатолий Тананакин

«Навбаҳор»га келгунча Ростов вилоят биринчилигида иштирок этган. Наманганда аввал республика биринчилигида, кейин СССР чемпионатининг иккинчи табақасида ўйнаб, дарвозани ишонч билан қўриқлаган. Анатолий Тананакин «Навбаҳор»нинг кубок ва ўртоқлик ўйинларида нафақат дарвозабон, балки ҳужумчи бўлиб ҳам майдонга тушган. Унинг Намангандаги тўққиз мавсумдаги иштирокини мухлислар ҳурмат билан эслайдилар.

 
Дмитрий Башкевич

«Навбаҳор»да ўйнаган дарвозабонлар орасида энг омадли ва бахтлисидир. Чунки, у собиқ Иттифоқ чемпионатининг биринчи табақасида «Навбаҳор» дарвозасини қўриқлаган. Бундан ташқари, мустақил республика чемпионати олий табақасида икки бор бронза медали соҳиби бўлган, икки бор Ўзбекистон кубогини олган. Энг асосийси 1996 йил Ўзбекистон чемпиони бўлди. Дмитрий Башкевич Беларуснинг Минск шаҳридан келган бўлиб, етти йилдан бери «Навбаҳор» дарвозасини ишонч билан қўриқлаб келмоқда. Унинг ўзбек фуқаролигини қабул қилиб, мамлакат терма жамоаси таркибига киритилиши ҳам тажрибали дарвозабон маҳоратига юксак баҳодир.

 
Юрий Ишков

Наманган шаҳар футболи ўз тарихида илк бор СССР чемпионати иккинчи табақасида иштирок этадиган пайтда Юрий Ишков «Навбаҳор» дарвозасини мустаҳкам қўриқлаб, нималарга қодир эканлигини исботлади.

 
Андрей Страхов

Андрей Страхов Наманганга келгунга қадар Москванинг «Локомотив» жамоасида ўйнаган. Икки йил «Навбаҳор»да жуда яхши ўйин кўрсатиб, ишқибозлар олқишига сазовор бўлди. Унинг жамоанинг СССР чемпионати биринчи табақасига чиқишида хизмати каттадир.

 
Бердах Оллониёзов

Уни «Навбаҳор»га таклиф қилишганда кўпчилик қорақалпоғистонлик ёш йигитга унчалик ишонч билдирмаганди. Лекин Бердах жуда яхши ўйин кўрсатиб, жамоа дарвозасини ишонч билан қўриқлай олди. Кейинчалик Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибига киритилди.

 
Энвер Бареев

Энвернинг ҳам бошқа дарвозабонлар сингари Наманганга келишидан асосий мақсади маҳорати ва тажрибасини ошириш ҳамда «Навбаҳор»га ёрдам бериш эди. Ҳақиқатда ҳам у кутилган ўйинлар намойиш этиб, ўз мухлислари, жамоа раҳбарлари ишончини қозонди.

 
Валерий Орлов

Валерий Орлов Наманган футболида республика биринчилигида «Навбаҳор»нинг иккинчи табақасига чиқишига катта ёрдам берган. Чиройли ўйини, чапдастлиги билан дарвоза дахлсизлигини кўп марта таъминлаган.

 
Сайдулло Жабборов

Сурхондарё вилоятининг Денов туманидан «Навбаҳор» жамоасига келган Сайдулло Жабборов ёш бўлишига қарамай тезда асосий таркибдан мустаҳкам жой олди ва командани жуда кўп ўйинларда мағлубиятдан сақлаб қолган.

 
Анвар Жабборов

Анвар «Навбаҳор»га икки бор келиб кетган эди. Биринчи бор келганда жамоа собиқ иттифоқ чемпионатининг биринчи табақасида ўйнаётган эди. У Ўзбекистондаги дарвозабонлар орасида энг тажрибали ва моҳирлардан биридир. Анвар нафақат ўз дарвозасидан тўп ўтказмасликка ҳаракат қилади, балки рақиб дарвозасига ўн бир метрли жарима тўпларини ҳам маҳорат билан йўллай олади. Шу боисдан ҳам наманганлик мухлислар қалбидан жой олди.

 
Владимир Соболевский

У Наманганда кўп ўйнамаган бўлса ҳам ёш бўлишига қарамай жамоанинг асосий таркибида тўп суришга улгурган. Владимир майдонга чиққанда Киевнинг «Динамо» жамоаси дарвозабони Евгений Рудаковга ўхшаб ҳаракат қиларди.

 
Рамил Низаев

Рамил Низаев «Навбаҳор» таркибида бор-йўғи ўн тўрт бор майдонга тушиб, ўртамиёна ўйин кўрсатган.

 
Михаил Таланов

Тожикистонлик бу дарвозабоннинг Намангандаги ўйинлари қовушмай тезда ўз юртига қайтиб кетишга мажбур бўлди. Лекин айрим ҳолларда бор маҳоратини ишга солиб, жамоани қийин аҳволдан қутқаришга муяссар бўлган.

 
Олег Сироковашко

«Динамо» (Минск) жамоасининг тажрибали дарвозабони Олегнинг «Навбаҳор»га келиши анча шов-шувга сабаб бўлди. Сироковашко эҳтиёткорлиги ва моҳирлиги сабабли бир мавсумдаёқ Наманган футболида чуқур из қолдирди. «Навбаҳор»нинг 1993 йил Ўзбекистон чемпионати олий табақасида илк бор совриндор бўлиши ва бронза медали олишида катта хизматлари бор.

 
Илҳом Абдуқодиров

«Навбаҳор» ўйинчилари орасида энг кўп захирада ўтирган дарвозабонлардан бири. Илҳом ўз устида жуда кўп тер тўкиб, машғулотларни сидқидилдан бажарган. Сакровчан ва эпчил ўйинчи.

 
Сергей Убайдуллаев

Наманганлик ёш дарвозабон ҳозирги «Навбаҳор»да ўзини кўрсата олмаган бўлсада келажагига умид боғлаш мумкин. Бунинг учун маҳоратини ошириб, таркибга мустаҳкам ўрнашиб олиши талаб этилади.

 
Вячеслав Лобов

«Навбаҳор»да оз ўйнади. Жуда бўйчан ва эпчил Лобов мухлислар меҳрини қозонаётган бир пайтда жамоани тарк этди. Агар Наманганда қолиб ўйнаганда кўп нарсаларга эришарди.

 
Александр Мороз

СССРда хизмат кўрсатган устоз Валерий Василевич Лобановскийнинг шогирди. Киевнинг «Динамо» жамоасидан таклиф этилган эди. Александр ҳушёрлиги ва эпчиллиги билан эътиборни жалб этиб, кўпчилик футбол ишқибозларида ва мутахассисларда яхши таассурот қолдирди.

 
Дилшод Султонов

«Навбаҳор» таркибида дарвозабон масаласи муаммо бўлиб турган бир пайтда Дилшод наманганликлар илтимосини рад этмади. У унча кўп ўйнамаган бўлса ҳам жамоага катта ёрдам берди.

 
Рамил Гашигулин

Тажрибали дарвозабон Наманган футболи ва жамоаси эндигина оёққа туриб олаётганда таклиф этилди. У СССР чемпионати иккинчи табақасида «Навбаҳор» зафарларига улуш қўшди. Хусусан, чиройли ўйинлари билан жамоанинг 1980 йилда Ўзбекистон чемпиони бўлишига кўмаклашганини эсдан чиқариб бўлмайди.

 
Игорь Пестрецов

Москванинг «Локомотив» жамоасидан келган Игорь баланд бўйли ва тажрибали эди. Унинг «Навбаҳор»нинг иккинчи табақа Шарқий минтақада муваффақиятли қатнашиши ва ғолиблардан бири бўлишида хизмати сингани доимо ишқибозлар ёдида туради.

 
Пётр Гизимчук

Гулистоннинг «Шифокор» жамоасидан келган бу дарвозабоннинг Намангандаги фаолияти кўп бўлмаса ҳам чиройли ўйинлари билан футбол мухлисларини хурсанд қила олган. Пётр «Навбаҳор» таркибида ўйнаган дарвда Ўзбекистон Республикаси кубогини олишга улгурган.

 
ҲИМОЯЧИЛАР
Мустафо Байрамов

Ҳимоячилар ичида Мустафо «Навбаҳор» таркибида энг кўп ўйнаган, қарийб ўн олти йил тўп сурган. Мустафони ўз вақтида Ўзбекистон ва собиқ Иттифоқ республикаларининг қатор жамоалари таклиф қилишганда, рад жавобини берди, ҳақиқий наманганлик футболчи эканлигини тасдиқлади. У севимли жамоамиз эришган барча ютуқларга салмоқли ҳисса қўшиб, яхши таассурот қолдирди.

 
Александр Иванов

Саша аслида Россиянинг Ростов шаҳридан бўлиб, «Навбаҳор» таркибида мутахассислар ва ишқибозлар ишончини қозонди. Ўн йил ўйнагач, жамоадан рухсат олиб, ўз юртига қайтди.

 
Февзи Давлетов

Февзи «Навбаҳор»да ўйнаган қисқа даврида нималарга қодир эканлигини барчага намоён этди. Ўша даврда жамоа аввал собиқ Иттифоқнинг иккинчи табақа шарқий гуруҳида иккинчи ўринни олиб, СССР чемпионатининг биринчи табақасига йўлланма олган. 1992 йилда эса мустақил Ўзбекистон кубогини қўлга киритишда ҳам унинг салмоқли ҳиссаси бор. Моҳир ҳимоячи 1993 йил МҲСК жамоасига ҳарбий хизматни ўташ учун кетганда ҳамма уни ўз жамоасига қайтади деб ўйлаган эди. Лекин Февзи Тошкентда қолишни маъқул кўрди.

 
Игорь Белов

СССР спорт устаси, «Динамо» (Минск) жамоасидан Наманганга келиб, «Навбаҳор» сардори бўлиб икки йил ўйнади. Игорь ёши ўтиб қолганлигига қарамай ўзининг тажрибаси билан Наманганда футболни ривожлантириш ва «Навбаҳор»нинг юқори ўринларни олишига жуда катта ёрдам берди.

 
Фарҳод Магомедов

Ўзбекистондаги барча мукофот ва совринларни қўлга киритган, хизмат кўрсатган спорт устаси, XII Осиё ўйинлари ғолиби Фарҳод «Навбаҳор»нинг Ўзбекистон чемпиони бўлишига муносиб улуш қўшди. Фарҳод Магомедов сидқидил меҳнати ва тажрибаси билан наманганлик футбол мухлисларини уч йил хурсанд қила олди. У ҳали яна жамоада ўйнаб, жуда кўп фойда келтириши мумкин эди. Лекин катта футбол билан хайрлашди.

 
Вячеслав Попов

Самара шаҳридан таклиф этилган бу ўйинчи «Навбаҳор»нинг ҳимоя чизиғини мустаҳкамлашда жуда катта меҳнатни бажарди ва барчанинг ҳурматига сазовор бўлди. Жудаям бўйчан, жисмонан бақувват бўлган В.Поповнинг шижоатли ўйинлари доимо ёдда қолади.

 
Владимир Сисенко

Володя «Навбаҳор» СССР чемпионати биринчи табақасида ўйнаган пайтида жамоага таклиф этилган эди. У мураббийларни, айниқса наманганлик футбол ишқибозлари ишончини оқлади. Севимли жамоамизни мамлакатга танитишда, чиройли ўйинлари билан шов-шувларга сабаб бўлишида жонкуярлик кўрсатган.

 
Сайдулло Турсунов

Ҳозирги кунда ҳам «Навбаҳор»да ўйнаётган Сайдулло жамоадошларига ҳамма томонлама ўрнак бўлиб, ўзига юклатилган барча вазифаларни аъло даражада бажариб келмоқда. Сайдулло жамоа таркибида Ўзбекистони чемпиони ва кубоги соҳиби бўлди.

 
Сергей Пасько

Олма-Отанинг «Қайрат» жамоасидан келган бу тажрибали ҳимоячи ўзининг жанговор ва чиройли ўйини билан «Навбаҳор» ҳимоясини мустаҳкамлашга мадад берди. Сергей нафақат футбол майдонида, балки ҳаётда ҳам жамоадошларига ибрат бўлган. Наманганда ўйнаган пайтида Февзи Давлетовга футбол сирларини ўргатиб, устозлик қилган.

 
Николай Болтов

Ҳақиқий наманганлик бу футболчи ёшлигини Фарғонанинг «Нефтяник» ва Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаларида ўтказган. Коля Наманганга қайтиб «Навбаҳор»нинг катта футболга чиқишида сидқидил тер тўккан.

 
Сергей Арслонов

Тожикистонлик бу йигит Душанбенинг «Помир», Ленинободнинг «Хўжанд», Хабаровскнинг АСК, Краснодарнинг «Кубань» жамоаларида тўп сурган Сергей «Навбаҳор» таркибида олти йил ўйнаб уч бор Ўзбекистон кубоги соҳиби, бир марта Ўзбекистон чемпиони, икки бор бронза медали совриндори бўлган.

 
Равил Раҳимов

«Навбаҳор» таркибида ўйнаш Равилга унча енгил бўлмади. Унинг ўйинлари ҳар доим ҳам қовушавермасди. Шунинг учун Наманганни тарк этиб, «Зарафшон», (Навоий), «Андижон», «Трактор» (Тошкент), «Косонсой» (Косонсой) жамоалари таркибида ўйнашга мажбур бўлди. Шунга қарамай қалтис вазиятларда жамоага қўл келганини ҳам унутиб бўлмайди.

 
Николай Романчук

СССР спорт устаси, икки бор СССР кубоги соҳиби Коля Одессанинг «Черноморец» ва Харковнинг «Металлист» жамоалари таркибидиа ўйнаб, ана шу унвон ва совринларга эришди. У «Навбаҳор»да жамоанинг ҳимоя чизиғини мустаҳкамлашга улуш қўшиб, истеъдодини намойиш этди.

 
Эдуард Мамотов

Эдуард аслида Қозоғистоннинг Усткаменогорск шаҳридан бўлиб, аввал маҳаллий «Восток», Жамбулнинг «Химик», Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаларида тўп сурган. 1996 йил «Навбаҳор»га таклиф этилди. Ҳозирги кунда у Ўзбекистонда энг кўп, яъни беш марта чемпион бўлган ягона футболчидир. Юқори савиядаги ўйинлари билан «Навбаҳор»нинг Ўзбекистон чепмиони бўлишига катта ҳисса қўшди.

 
Георгий Архипенко

«Навбаҳор»нинг 1980-1987 йиллар мобайнида эришган барча ютуқ ва натижаларида унинг муносиб ҳиссаси бор. Георгийни собиқ Иттифоқда бир неча жамоалар, хусусан Тошкентнинг «Пахтакор»ига таклиф этишганда ҳам севимли «Навбаҳор»ни тарк этмаган.

 
Валерян Трухан

Валерян умрининг роса кучга тўлган даврини «Навбаҳор» жамоасида ўтказиб, ҳимоя чизиғини мустаҳкамлашда жонкуярлик кўрсатди. Юксак интизоми, жамоадошларига меҳрибонлиги билан ўрнак бўлган футболчидир.

 
Игорь Близнюк

Минсклик бу футболчи жисмонан бақувват ва бўйчан бўлиб, «Навбаҳор»нинг ҳимоя, ярим ҳимоясини яхшилашда жуда катта роль ўйнади ва футбол ишқибозлари қувончига қувонч қўшди.

 
Геннадий Денисов

Геннадийни футбол мутахассисларига ва ишқибозларга батафсил таништиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда унчалик тажрибали футболчи йўқҳисобида. «Навбаҳор»нинг энг кучли жамоага айланишига катта ҳисса қўшди. Ҳозирги кунда Бекободнинг «Металлург» командасида ўйновчи мураббий бўлиб фаолият кўрсатмоқда.

 
Марат Дилмуҳамедов

Тошкент вилоятининг «Дўстлик» жамоасидан таклиф этилган бу ҳимоячи ўйинлари билан қадр топди. Ҳатто Ўзбекистон терма жамоасига номзод бўлиб, таҳсинга лойиқ футболчи эканлигини амалда исботлаб келмоқда. Марат республикамиз футболи ўнг қанот ҳимоячилари ичида энг кучлиларидан биридир.

 
ЯРИМ ҲИМОЯЧИЛАР
Аркадий Раевский

«Навбаҳор»нинг катта футболга чиқиши ва пешқадамлар қаторидан жой олишида, ўз ўйин услубини топишида Аркадийнинг меҳнатини наманганлик футбол ишқибозлари ҳам эслаб юришади. А.Раевский ҳимояда юқори техника намойиш этиб, унинг юраги бўлган. Команда таркибида йигирма йил ўйнаган ярим ҳимоячилар орасида у энг яхшиларидан бири бўлиб қолиши шубҳасиз.

 
Александр Больдирев

Александр Наманганга келгунга қадар Ростовнинг АСК ва СССР ўсмирлар терма жамоаси таркибида тўп сурган. Терма жамоа таркибида дунёнинг ўттиздан ортиқ мамлакатлари терма жамоаларига қарши турли мусобақаларда иштирок этган. Чиройли ва жанговар ўйин намойиш этиш қобилияти жиҳатидан унга тенг келадигани йўқ эди. Кейинги йигирма йил мобайнида Ўзбекистонда ярим ҳимоячилар, боғловчи, яъни (диспетчер) ўйинчилар орасида Михаил Ан, Миржалол Қосимовдан сўнг «Навбаҳор»чи Александр Больдирев туради. «Навбаҳор» таркибида ўйнаган ярим ҳимоячилар орасида Сашадан зўри ва кучли ўйинчи бўлган эмас. СССР спорт устаси Больдирев жудаям тарбияли, садоқатли, нафақат жамоадошларига, балки барчага ҳурмат билан қараб эътибор топаётган ҳақиқий инсон ҳамдир.

 
Акмал Теляков

«Навбаҳор»нинг хушнуд кунларида ҳам, оғир дамларида ҳам Акмал севимли жамоаси билан бирга бўлган. «Навбаҳор»нинг катта футболга кўтарилишида ва барча қўлга киритган ютуқларида ҳамнафаслик қилади. Акмал «Навбаҳор» таркибида кўплаб чет-эл сафарларига бориб, жамоадошларига ўрнак кўрсатди. Акмал мураббий бўлиб ҳам ишлади. Ҳозирги кунда футбол лицейи мактабида илмий мудир бўлиб ишлаб келмоқда.

 
Сергей Казаков

Ашхобод шаҳридан «Навбаҳор»га келган Сергей ўз пайтида барча жамоаларнинг футболчилари орасида энг кучли зарбага эга бўлган эди. У рақиблари дарвозасини хоҳлаган жойдан «ўққа» тутиб, жуда кўплаб учрашувларда дарвозабонларни доғда қолдирган. Ҳатто уч-тўрт маротаба майдоннинг қоқ ўртасидан жарима тўпларини мақсад сари йўналтирган.

 
Сергей Абкелямов

Бу футболчи универсал бўлиб ҳимояда ҳам, ярим ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам ўйнай олган. Сергей Наманганда туғилиб, шу ерда футбол сирларини пухта эгаллаб, жамоанинг шаклланишида фаол иштирок этди.

 
Михаил Смирнов

Минск шаҳрининг «Динамо» жамоасидан таклиф этилган бу футболчи «Навбаҳор»да унча кўп ўйнамаган бўлса ҳам ёш бўлишига қарамай тажрибали футболчидай ҳаракат қилар, донғи кетган ҳужумчилар йўлига ғов бўла оларди. Жамоада худди Александр Больдиревдек яхши ўйин кўрсатган.

 
Михаил Левин

Миша СССР чемпионатининг олий лигасида Москванинг МАСК ва Ленинграднинг «Зенит» жамоасида тўп сураётган пайтида И.С.Волчок «Навбаҳор»га таклиф этди. У келгач наманганликлар ўйинида яхши тарафга бурилиш бўлди. «Навбаҳор»нинг иккинчи табақа шарқий минтақа ғолибларидан бири бўлишида ва СССР чемпионатининг биринчи табақасига йўлланма олишида М.Левиннинг меҳнати ва чиройли ўйинлари таҳсинга сазовордир.

 
Сергей Доронченко

СССР чемпионати биринчи табақа жамоалари билан ўтказилган бир мавсумда «Навбаҳор» таркибида ўйнаган Сергей жамоага қўлидан келган ёрдамни бериб, унга юклатилган вазифани аъло даражада бажарди. Жамоанинг ярим ҳимоясини мустаҳкамлаб, ғалабага камарбасталик қилди.

 
Вали Келдиев

Э.Х.Абдураимов «Навбаҳор»га бош мураббий бўлгандан сўнг ўзи билан Сурхондарё вилоятининг Денов туманидан ҳали футбол мухлисларига таниш бўлмаган жиккаккина Валини Наманганга олиб келди. Вали «Навбаҳор» таркибида олти йилдан бери ўйнаб келмоқда. «Навбаҳор» Ўзбекистон чемпиони бўлган 1996 йилда Вали Бухоронинг «Нурафшон» жамоасида ҳам ўйнашга улгурди. У Наманганда ҳақиқий футбол сирларини пухта ўрганиб, «Навбаҳор»нинг қўлга киритган совринларида унинг ҳам меҳнати синган. Ҳозирги кунда нафақат «Навбаҳор»да, балки Ўзбекистонда Миржалол Қосимов, Илҳом Шарипов, Сергей Лебедевлардан сўнг кучли боғловчи, ярим ҳимоячидир.

 
Илҳом Шарипов

Самарқанднинг «Динамо» ва Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаларида ўйнаган Илҳом «Навбаҳор»га келганда ярим ҳимоячи эди. Лекин катта футбол билан хайрлашган Фарҳод Магометов ўрнини боса оладиган охирги марказий ўйинчи йўқлиги туфайли у марказий ҳимоячи вазифасини бажариб келмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси таркибида XII Осиё ўйинлари чемпиони, «Пахтакор» ва «Навбаҳор» таркибида Ўзбекистон чемпиони. Илҳом ҳамма вақт чиройли ўйинлари билан ўз мухлислари ҳурматини қозониб келган.

 
Виктор Макаров

Ростовлик бу футболчи Янгиернинг «Янгиер», Фарғонанинг «Нефтяник», Тошкентнинг «Пахтакор», Халқабоднинг «Соҳибкор», Самарқанднинг «Динамо» жамоаларида ўйнаган. Виктор «Навбаҳор»да ҳам уч-тўрт мавсум иштирок этиб, ярим ҳимоя чизиғини мустаҳкамлашга муносиб улуш қўшди.

 
Ҳайитбой Ирисбеков

Чимкентлик ярим ҳимоячи «Навбаҳор» ўйинларига жуда катта ўзгаришлар киритиб, барчани лол қолдирди. Ҳайитбой ҳатти-ҳаракатларининг тезлиги, шиддаткорлиги билан ажралиб турарди. Севимли жамоамизнинг юқори чўққиларни забт этишида, элга танилишида ўзига хос из қолдирди.

 
Дмитрий Батинков

Дмитрий Наманганда икки мавсум иштирок этиб, «Навбаҳор»нинг чемпион бўлишига ҳисса қўшди. Ҳатто Ўзбекистон миллий жамоаси таркибига номзодликка қабул қилинди. Д.Батинков юқори техника ва тажрибага эга бўлиб, моҳир ярим ҳимоячидир.

 

Қаҳрамон Абдуқодиров

Андижонлик бу футболчи «Навбаҳор»да 1993 йилдан бери (танаффус билан) ўйнаб келмоқда. Ўз вақтида Ўзбекистон миллий терма ва олимпия жамоаларига ҳам номзод бўлиб, таркибга киритилган. У ўзининг чиройли ўйинлари билан ҳар бир учрашувда қатнашиб, эътибор топган.

 
Ойбек Усмонхўжаев

«Навбаҳор» таркибида уч мавсум қатнашган. У 1991 йилда ва СССР чемпионати биринчи табақасида ҳам ўйнаган. Ойбек нафақат ярим ҳимояда, балки ҳужумда ҳам маҳорат билан тўп сурган. Ойбек жанговорлиги, шиддаткорлиги ва техникаси юқорилиги билан жамоадошларидан ажралиб турарди.

 
Александр Назаров

Александр «Навбаҳор»даги ярим ҳимоячилар ичида жарима ва бурчак тўпларини маҳорат билан бажариб, аксарият рақиблар дарвозасини ишғол этган. 1980 йилда жамоамизнинг Ўзбекистон Республикаси чемпиони бўлишида унинг меҳнатлари беқиёс.

 
ҲУЖУМЧИЛАР
Владимир Бараненко

Володя Ростовдан шаҳримизга 1979 йилда келган. Саккиз йил «Навбаҳор» таркибида ишонч билан тўп суриб, Наманган футболини чўққиларга кўтаришда ва ривожлантиришда муҳим роль ўйнади. У команданинг 1980 йил Ўзбекистон чемпиони бўлишида, кўплаб чемпионатларда юқори ўринларни эгаллашида ҳам фаол қатнашган.

 
Анвар Боқиев

Анварнинг ёшлиги гарчи Наманганда ўтган бўлса ҳам дастлаб Фарғонанинг «Нефтяник» ва Жиззахнинг «Бўстон» командаларида ўйнаган. 1982 йилда яна севимли жамоасига қайтиб, ҳужум чизиғини кучайтирди. У ўзининг алдамчи ҳаракатлари ва тўпурарлиги билан ишқибозларни жуда кўп хурсанд қилган.

 
Амет Мемет

Бу ўйинчи универсал бўлиб мураббийлар қайси жойга қўйса, ўша ерда ўйнаб улар ишончини оқлаган. У жудаям бўйчан ва жисмонан бақувват бўлган. Рақиблар дарвозасига бош билан тўп киритиш ҳадисини ўзлаштириб, кўп жамоаларни ўйинни майдон марказидан бошлашган мажбур этган.

Ҳозирги кунда Амет «Қурувчи»да ёрдамчи мураббийлик қилмоқда.

 
Тоҳир Султонов

Тоҳир собиқ Иттифоқ даврида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси таркибига кириб, жуда кўплаб терма жамоаларга қарши ўйнашга мушарраф бўлган наманганлик футболчидир. «Навбаҳор»да ҳам ўзининг чиройли ва шиддаткор ўйинлари билан мухлису мутахассислар ишончини оқлади.

 
Сергей Бауэр

«Навбаҳор» таркибида кўп тўп сурмаган бўлса ҳам Сергей ўзининг чиройли ва шиддаткор ўйинлари билан кўпчилик олқишига сазовор бўлган. «Навбаҳор»нинг кўп ғалабаларида фаол иштирок этган. Жамоанинг ҳужум чизиғи Бауэр келиши билан кучайиб, рақиблар дарвозасига тўп киритилиши ўйиндан ўйинга ортиб борди.

 
Геннадий Смирнов

Гена Москванинг «Спартак», Воронежнинг «Факел», Волгограднинг «Ротор», Самаранинг «Крилья Советов» ва бошқа жамоалар таркибида ўйнаган. «Навбаҳор»да кўп ўйнамаган бўлса ҳам бир мавсумда жамоанинг тўпурари номини олган. У киритган тўплар чиройлилиги билан ҳамон ишқибозлар ёдида.

 
Аббос Латифбоев

Бу наманганлик футболчи «Навбаҳор»да уч-тўрт мавсум иштирок этган, холос. Аббос ҳаётининг кўп қисмини Тўрақўрғон туманининг «Ёшлик» таркибида ўтказган. Лекин «Навбаҳор»да ҳам маҳоратини ошириб, жамоага қўлидан келган ёрдамини аямаган, рақиблар дарвозасига кўплаб тўплар киритган.

 
Андрей Романов

Москванинг биринчи ва иккинчи табақа жамоалари таркибида СССР чемпионатида тўп сурган. Андрей тўпурарлик ҳадисини олган футболчи бўлган. У бир мавсумда Москванинг «Красная Пресня» жамоасида ўйнаганда, 48та тўп киритган. Шундан сўнг Андрейни «Навбаҳор»га таклиф этишди. Бу ерда ҳам жуда чиройли ўйинлар намойиш этиб, мухлислар олқишига сазовор бўлди.

 
Валерий Шушляков

«Спартак» (Орёл), «Актюбинец» (Актюбинец), «Уралмаш» (Свердловск), «Балтика» (Калининград), «Кубань» (Краснодар) ҳамда Венгрия жамоаларининг бирида ўйнаган Валерий «Навбаҳор»да икки мавсум иштирок этганига қарамай, нафақат Наманган ва Ўзбекистонда, балки собиқ Иттифоқда ҳам яхши ҳужумчи сифатида танилди. Шушляковни «Спартак» (Москва), «Днепр» (Днепропетровск), «Алания» (Владикавказ), «Ротор» (Волгоград), «Нефтяник» (Фарғона) жамоалари таклиф этишганда ҳам рад жавобини бериб, севимли жамоасида қолишни маъқул кўрди. Валерий тезкорлиги, юқори техникаси, алдамчи ҳаракатлари билан кўпчилик футбол мутахассислари ва ишқибозлари ишончига эришган ўйинчидир.

 
Александр Гридюшко

Саша Наманганда жуда оз фурсат ўйнашига қарамай ишқибозларнинг севимли ўйинчисига айланиб, улар олқишига муяссар бўлишга улгурди. У «Динамо» (Минск), «Пахтакор» (Тошкент), «Десна» (Чернигов), «Днепр» (Могилёв) жамоаларида ҳам тўп суриб, эътибор топган.

 
Юрий Ярошенко

«Динамо» (Киев), «Заря» (Луганск) жамоаларида тўп сурган Юра Наманганда ҳам ўзининг алдамчи ҳаракатлари ва чиройли ўйини билан «Навбаҳор» ютуқларига ҳисса қўшган.

 
Валерий Абрамзон

Валерий «Навбаҳор» таркибида ўзининг энг яхши ва чиройли ўйинларини намойиш қилиб, ҳужум чизиғини мустаҳкамлади. Хушчақчақ ва ҳазилкаш йигит ўйинлар жараёнида ҳам тер тўкиб меҳнат қилган.

 
Рустам Забиров

Душанбенинг «Помир» жамоасидан келган бу ҳужумчи айнан «Навбаҳор»да жуда кўп ютуқларга эришди. Рустам СССР чемпионати биринчи табақа жамоаларига қарши ўйинларда иштирок этиб, нималарга қодир эканлигини амалда исботлади. Хусусан, 1991 йилдаги тўпурар баҳсида учинчи ўринни олиб, рақиблар дарвозасига 20та тўп киритди. Рустам алдамчи финтлари, тезкорлиги юқори савиядаги техникаси билан ишқибозлар ҳурматини қозонган. Ҳозирда «Сокол Учқудуқ» ФКнинг бош мураббийидир.

 
Исмоил Алиев

Наманганда туғилиб камол топган Исмоил «Навбаҳор» ғалабаларига баҳоли қудрат улуш қўшган. Наманганлик футбол ишқибозлари уни аргентиналик Марадонага ўхшатиб, шундай деб чақиришарди!

 
Фарид Ҳабибулин

Чирчиқлик бу футболчи аввал Косонсой туманининг «Косонсой» жамоасида тўп сурган. Кейин Наманганга таклиф этишди. Фарид «Навбаҳор» таркибида Ўзбекистон кубогини олишга муяссар бўлди. Унинг зарбаси жуда кучли бўлиб, майдоннинг хоҳлаган жойидан рақиблар дарвозасига тўп киритиши мумкин.

 
Дилшод Алиев

Бу ҳамюртимизни наманганлик ва ўзбекистонлик футбол ишқибозлари, мутахассислари яхши билишади. Дилшод ёш бўлишига қарамай вилоятимизда футболни ривожлантириш ва обрўсини кўтаришда ибрат бўлмоқда. Дилшод «Навбаҳор»дан ташқари «Косонсой», Ўзбекистон олимпия, ёшлар, ўсмирлар ва иккинчи терма жамоаларида ҳам ўйнаган.

 
Олег Шацких

Тошкент вилоятининг «Политотдел» (ҳозирги «Дўстлик») жамоасидан «Навбаҳор»га В.Р.Жалилов олиб келган. Олег ҳозирги кунда Ўзбекистондаги барча мукофот ва совринлар соҳиби ҳисобланади. Республикамизда биринчи бўлиб чемпионат ўйинларида рақиблар дарвозасига 100та тўп киритган. У Ўзбекистоннинг ёшлар, ўсмирлар, олимпия, биринчи, иккинчи терма жамоалар таркибида ҳам муваффақият билан тўп сурган.

 
Анвар Солиев

Анвар ҳали жуда ёш бўлишига қарамай «Навбаҳор» ва Ўзбекистон терма жамоа таркибида юқори савияда ўйин намойиш этиб, эътибор топмоқда. Ўз устида тинмай меҳнат қилиб, мураббийлар маслаҳатларини сидқидилдан бажариб, Ўзбекистон футболининг энг кучли ҳужумчиларидан бири бўлди.

Яангиланган ( 30.07.2008 15:47 )
 



 

INTERFUTBOL.UZ веб-студиясида яратилди.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
Сайтдан маълумотлар олинганда pfc-navbahor.uz
манзили манба сифатида кўрсатилиши шарт.
Система Orphus